понедельник, 5 сентября 2022 г.

 

ЎЗИГА ТАЪЗИМ ҚИЛДИРАЁТГАН “ТАҚСИР”ЛАР

“Pokemon Go” ўйини таҳдид солаётган хавфлар хусусида


Биз яшаётган техника асрида бекорчиликдан ёмони бўлмаса керак. Сабаби, ҳар бир инсон ҳаётини яхшилаш ва ўзидан кейинги авлодга маънавий ва моддий мерос қолдириш илинжида яшайди. Асосий мақсаддан оғишилганда эса тарозининг бир палласи иккинчисидан оғирроқ келиши мумкин. Тўғри, нохуш ҳолатларга сабаб бўлувчи омиллар кўп, бироқ глобаллашув шиддатидан куч олиб катталашиб бораётган “кичкина” таҳдидлар ҳам бефарқлик ярамайди. Кўпни кўрганлар эса “Pokemon Go” ўйинига ҳам ана шундай хавф сифатида қарамоқда.

Niantic” компанияси томонидан ишлаб чиқилган мазкур ўйин 2016 йилнинг 6 июль санасида  фойдаланувчиларга тақдим этилганига қарамай, интернетнинг “қудрати” сабаб қисқа фурсат ичида оммалашди. Мазкур ўйин бошқа “вақт ўғрилари”дан фарқли равишда виртуал воқеаларни реал ҳаётга боғлайди. Яъни фойдаланувчи 151та ёввойи покемонларни овлаш учун кўча бўйлаб юриши, тўпланган “жангчи”лар билан махсус машғулотлар олиб бориб, ваҳшийларга қарши курашиши лозим. Лўнда қилиб айтганда, у бирор фойдаси бўлмаган, эвазига эса инсонларнинг қимматли вақтни тортиб олувчи жангари ўйин ҳисобланади. Ваҳшийликни тарғиб қилувчи “Pokemon Go”да 90-йилларда машҳур бўлган “Pokemon” мультфилми қаҳрамонлари иштирок этган. Шу сабаб фойдаланувчиларнинг катта қисмини мультфилмни болалик чоғида кўрган 25-30  ёш оралиғидаги инсонлар ташкил этади.       

Покемономания

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда “action”, яъни ҳаракатли (жангари саҳналар, муштлашувлар ва ҳоказо) ўйинларга талаб ва таклиф юқори. Шу сабаб “Pokemon Go” ҳам айнан шу йўналишда ишлаб чиқилган. Энг асосийси, унда интерактивлик мавжуд, бу эса кишини ўйнга бўлган қизиқишини орттиради ва ўзига соат сайин боғлаб олади. Мантиқсиз мақсадга қаратилган ўйинга фойдаланувчилар баъзан шу қадар берилиб кетадики, ўзлариники билан бирга атрофдагиларнинг ҳам ҳаётига хавф туғдиради. Чунки огоҳлик, хушёрлик ва дахлдорлик ҳиссини туйиш ахборот маконида яшаётган, техника қудратидан баҳраманд бўлаётган ҳар бир инсон учун жуда зарур.

Шу кунга қадар “Google Play” орқали белгиланган ҳудудлар, яъни АҚШ, Янги Зеландия, Австралия, Германия, Буюк Британия, Белгия каби давлатларда яшовчи 10 миллион нафар инсоннинг мазкур ўйинни юклаб олиши туфайли “омад”га эришган ишлаб чиқарувчилар норасмий равишда бошқа давлатларни ҳам “ёриб кирмоқда”. Оммалашиб бораётган ўйинни юклаб олиб, унинг муккасидан кетган одамлар эса кунига 1 соат ва ундан ҳам кўп вақтларини маҳлуқчаларни овлаш билан ўтказмоқа. Покемономания хасталигига чалинган ишқибозлар  билан содир бўлаётган нохуш ҳолатларни эшитган инсон эса ёқасини ушлаши тайин. Мисол учун, ўйин яратилган йили америкалик полиция ходимларининг иш вақти “Pokemon Go”ни ўйнаб, кузатувдан чалғиши оқибатида катта-кичик жиноятларнинг содир этилгани, олд-ортига қарамай қўлидаги смартфонига мукка тушиб кетаётган ҳомиладор аёлнинг йўл транспорти ҳодисасига учраши, АҚШнинг Пенсилвания штатида 15 ёшли қизнинг машина ғилдираклари остида қолгани, 10 ёшли шотландиялик болакай смартфонидан мазкур ўйинни ўчириб ташлаган ота-онасига қасдма-қасд равишда уйидан қочиб кетгани, уюшган жиноятчиларнинг эса оммавий покемон “ови”га чиққан одамларга тегишли қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетиши, Японияда эса август ойининг сўнгига қадар ўйин билан боғлиқ 80га яқин бахтсиз ҳодиса содир бўлгани, сентабрь ойида ҳам бундай воқеалар такрорланаётгани кишининг кўнглини хуфтон қилади.

Ўша йили Германияда 10 минг аҳоли яшовчи Штайнау-ан-дер-Штрассе шаҳарчаси тунги вақтда шовқин солиб покемон овлаётган ўсмирлар туфайли ишлаб чиқарувчиларга тўғридан-тўғри шикоят қилгани ҳам бежиз эмас. Демак, маълум ҳудудларга атайин тарқатиб юборилган ажабтовур маҳлуқларни тутиш асносида оммавий тартибсизликларни юзага келиши ҳам ҳеч гап эмас. Мазкур ҳолат пухта ўйланган режа, оломонни ҳаракатга келтирувчи қурол сифатида баҳоланса, инсоннинг манқуртдан фарқ қолмайди. Бундай ҳолатда фойдаланувчи ўйин бошқарувчиси эмас,  “ўйин” иштирокчисига айланади.    

Ўйиндан ўт чиқди...

Юқоридаги хавфларни аниқлаган ва мамлакат келажаги ҳақида қайғураётган аксарият давлатлар унга таъқиқ қўйиш масаласини ўртага ташламоқда. Хусусан, Саудия  Арабистони ва Эрон ўйинни таъқиқлаб, унга қарши фатво берди. Араблар ҳам, эронликлар ҳам мудҳиш ҳодисларнинг сабабчиси мантиқсиз ўйин эканини пайқаган ҳолда бошқаларга ҳам унинг салбий оқибатларини ошкор этди. Энг қизиғи, Мисрда ўйин ишлаб чиқилганига атиги олти кун тўлганда унинг хавфи юзага чиқиб, мутлақ чеклов қўйилди. Эронликларнинг фикрича, бу ўйин борлиқни виртуаллик билан қориштириб юборади, натижада эволюция таълимотига ҳам таҳдид солиши мумкин.

АҚШлик олимларнинг таъкидлашича, ўйин ўйнашга берилиб кетган айрим ёшлар четдан қараганда унинг ёвуз қаҳрамонларига таъзим қилаётгандек туюлади. Жамоат жойларида бошини ҳам қилиб ўтирган, покемонларни овлаш учун серқатнов кўчаларга ҳам чиқиб қолаётган, тўғри йўлда ҳам қоқилиб, бир-бири билан урилиб кетаётган инсонлар эса аллақачон покемономания хасталигига чалинган. Бундан битта хулосага келиш мумкин: улар покемонлар билан эмас, ўз ҳаётлари билан ўйнашмоқда!   

Лойиҳа оммалашди, бироқ...

“Биргина ўйин туфайли шунча кўнгилсизлик содир бўладими?” ёхуд “Ажали етган бўлса, чумчуқ пати тушса ҳам ўлим топади”, дея фикр қилаётганлар ўзини ҳам, бошқаларни ҳам алдашга уринади. Зеро, маънавий таҳдидлар тобора авж олаётган замон учун маънан тобеликдан бошқа ёмонроқ нарса бўлмаса керак. Мисол учун Канадада содир бўлган воқеани олайлик. Бир аёл ўйин ишқибозларининг ҳар куни уйи панжараларидан ошиб ўтиши, устига устак янги покемонларни овлаш илинжида туну кун эшигини пойлаб ўтиришидан азият чекади. Унинг таъкидлашича, безорилар орқа ҳовлисига дрон учириб, маҳлуқларнинг бор ёки йўқлигини ҳам текшириб кўришдан тап тортмаган. Жабрланувчи уйи ҳудудини харитадан чиқариб ташлаш илтимоси билан ўйин яратувчиларига мурожаат этган ва ижобий натижа чиқмагач судга шикоят қилишга мажбур бўлади. Мазкур ҳолатни маънан тобелик туфайли юзага келган ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин.  

Юқоридаги вазиятлар бутун дунё бўйлаб содир бўлаётгани “оммавий маданият” хавфини ҳам ёдга солади. Чунки оломонга дахлдор бўлган кичик хавфнинг катталашиб кетиш эҳтимоли бўлади. Мисол учун Сингапур полицияси ўйинга чалғиб серқатнов кўчада тўхтаб қолган пиёда ва уни узоқ вақт кутиб, жазавага тушган машина ҳайдовчиси ўртасидаги жанжал юзасидан жиноий иш очди. Натижада жамоат тартибини бузгани ва оммавий тартибсизликни келтириб чиқаргани учун уларнинг ҳар бирига 3,7 минг АҚШ миқдорида жарима белгилади. Дунёда содир бўлаётган бундай воқеаларнинг ОАВ тўғри таҳлил қилинган ҳолда аудитория етказилиши “Pokemon Go” фойдаланувчилари сонини аста-секин камайишига хизмат қилмоқда.  

Вақт - олий неъмат

Ўзини жамиятда ўрни борлигини ҳис қилган ва ҳаётда бирор нарсага эришмоқчи бўлган инсон асло вақтини беҳуда нарсаларга сарф этмайди. Тўғри, меҳнат қилиб дам олишнинг, чарчоқни енгиш учун кўнгилочар машғулотлар билан банд бўлишнинг ёмони томони йўқ. Лекин замонавий тиббиёт ҳордиқ чиқаришнинг бошқача усулларини таклиф этади. Яъни ақлий меҳнатдан толиққан кишилар жисмоний меҳнат қилиши, жисмоний меҳнатдан чалғимоқчи бўлганлар эса ақлий меҳнат билан машғул бўлиш лозим. Бундан кўриниб турибдики, ҳордиқ чиқариш ҳам инсонга қандайдир наф келтириши лозим. Мисол учун, мазмунли китоб ўқиш,  театр томошасига бориш, долзарб муаммолар кўтариб чиқилган кино томоша қилиш, тил ўргатувчи ўйинларни юклаб олиш, турли тўғараклар, хусусан, спорт билан шуғулланиш инсоннинг камолотга етаклайди. Кимдир ўз чўнтагини қаппайтириш мақсадида ўйлаб топган миллионлаб “овунчоқлар” эса олтинга тенг бўлган вақтнинг беҳудага сарф бўлиши сира арзимайди.  

Инсон ҳуқуқлари “қарсак” билан тан олинаётган айрим ғарб давлатлари тубанликка юз тутаётгани, ўз домига бошқаларни ҳам тортаётганини пайқамаётган, эртага нима бўлишини англамаётган бўлиши мумкин. Зеро,  инсонга таъқиқ қўйиб, уни қил, буни қилма, деб ақл ўргатишнинг ўзи мушкул масала. Лекин дахлдорлик ҳисси ғарбу шарқни томонларга, шимол ва жанубни эса қутбларга ажратмайди. Шундай экан ажнабий “тақсир”ларга тазим қилаётган инсонларга  бошни тик тутиб яшаш кераклигини кўрсатиш учун фақатгина ўрнак бўлиш лозим.         

Ҳамида МИРСУЛТАНОВА



пятница, 25 марта 2022 г.

 

ҚИЗИНГИЗГА ЎҚИШИНИ УҚИТИНГ



Бозорлик қилиб уйга қайтаётган эдим. Юкларим бироз оғир бўлгани учун жамоат транспортида эмас, таксида қайтиш учун қўлимни кўтардим. Бир нечта ҳайдовчи узоққа боришим кераклигини эшитдию, “Йўлим бошқа томонга эди” дея бурилиб кетди. Ва ниҳоят, ёши олтмишдан ошган бир амаки тўхтаб рози бўлди. Йўл-йўлакай амаки билан суҳбатлашиб кетдик.

–Юкларинг кўпайиб кетибдику, қизим.

–Ҳа, режадагидан ортиқроқ бозорлик қилиб юборибман.

–Ҳа, аёл киши бозорликни яхши кўрадида ўзи. Ўқийсанми ё у бу жойда ишлаяпсанми?

–Докторантурада ўқияпман.

–Ўқияпсан?, –  амаки кўз қири билан менга манъноли қараб қўйди. –Ўқиб нима қиласаней, бўлдида. Хўп, бакалавр ўқигансана? Яна нима эди, ҳалиги магистратураям ўқигансан, шекилли? Буёғи турмушга чиқишинг керак эканку... Ё...

–Ҳа, амаки турмушга чиққанман. Иккита болам ҳам бор.

–Шунқақа демайсанми... Қиз бола ҳадеб ўқийман деявермасдан, оилани ҳам биринчи ўринга қўйиши керак...

Шу пайт амаки чоррахадан чапга қайрилмоқчи бўлди, шунга диққати бўлиниб, гапдан тўхтади. Мен бегона инсон билан нега бу мавзуда гаплашаяпман ўзи, деб бироз ҳижолат бўлдим. Яна ёшини ҳурмати, майли, жавоб бермасам хафа бўлмасин, деб ўйладим.

Амаки бир аксирдида яна гапга тушди:

–Қизим, хўп ўқибсанам, оилали ҳам бўлибсан... Менга қизиқда, шу ишлаб буёғига ўқимасанг нима қилади. Билсанг, аёл киши уйда бўлгани тузук. Ё ярим кун борадиган ишга жойлаш. Борасан, қайтасан... Ўқиб... Билмадим... Мени ҳам бир набирам бор. Э, мактабда энг аълочи ўқувчи эди, коллежда ҳам устозлари мақтарди... Ёшиям чамамда сен билан тенгов.. Нечинчи йилсан? Ҳа, айтдимку, тенгдош экансизлар. Шу қиз коллежни битирди, университетга кираман деди, лекин отаси шарт қўйди: оилани танлайсанми ё ўқишни, деб. Набирам оилани танлади, тўғри ҳам қилди. Кейин отаси ишга киритиб қўйди, турмушга чиқди, ҳозир яхши: болалари бор. Қисқаси, ишлаб пул топаман деса, ўқишнинг кераги йўқ, қизим. У пул топаяпти, сен эса ҳалиям ўқияпсан... Билсанг, аёл киши кўп ўқиса, эрига ақл ўргатадиган бўлиб кетади...

Ҳижолат бўлиб деразадан ташқарига қарадим. Амаки эса сўзида давом этди:

–Лекин сен кўринишингдан анча юввош кўринар экансан... Қизим, хафа бўмайсанда, бу менинг ҳаёт ҳақидаги қарашларимда энди.

–Ҳозир набирангиз қанча ойлик олади?, –дедим мен суҳбатга якун ясагим келмай.

–Шу бир миллионча олса керак. Тағин билмадим. Менга ҳисобини берармиди... Заводда ойлик бир бир-ярим миллион деб эшитгандимда.

–Амаки, мен докторантурада тўрт ярим миллонга яқин стипендия оламан.

–Стипендиянг шунчами? Институтда стипендия бир миллонга ҳам етмайди деб эшитгандимку...

–Ҳа, бакалавр ва магистратураники камроқ... Докторантурада кўп. Бу ерни битирсам, университетда ўқитувчилик қиламан. Ойлигимга яна ўттиз фоиз қўшилади. Тахминан беш миллонга яқин ойлик оламанда кейин.

–Куёвчи, куёвдан кўп ойлик олсанг керак...

–Йўқ, улар ҳам шунча ойлик олади. Сал ошиқроқ ҳам.

–Ҳммм, шунча стипендиям дегин... Унақа бўлса, мен ҳам ўқисам бўларкан а?, – деб амаки кулиб қўйди. Бунча пулни ҳозир ким бераяпти.

–Тўғри, амаки, иштиёқингиз бўлса, ўқинг. Бу йилан лекин IELTS, яъни инглиз тили тил сертификати сўрашадида... Набирангизни ҳам ўқитинглар.

–Ҳа, йўқ, ҳазиллашдим. Энди менга кеч. Набирамни куёв ўқитмаса, керак. Энди у уларники. Ўқитишса, ўқитар. Бошқа қиз набираларим бор, бироқ ҳаммасини ўқитишга пул қаерда, ўғил набираларим эса ўқишга қизиқмайди...

–Амаки, ҳозир яхши тайёргарлик кўрилса, текинга, яъни грантга ўқишга кириши ёки стипендия ютиб ўқиш ҳам мумкин. Бу тайёргарликка боғлиқ. Мисол учун, ота-онам ўн йил олдин опам ва менинг бир ой репититорга боришимиз учун тахминан  беш юз мингга яқин пул сарфлашган. Иккимиз ҳам грантга кирдик. Ўйлайманда, агар икимиздан биримиз ёки иккаламиз ҳам контрактга кирсак ҳам, бир амаллаб ўқитишар эди. Буни ҳис қилганимиз учун ҳам, ўзимиз ҳам ўқишга қизиққанмиз.

–Гап олаётган стипендиянгда ҳам эмас, қизим. Эринг кўп пул топса, пул топишингга ҳожат ҳам қолмайди, барибир қиз болани ўрни уйда!

Манзилга етишимизга икки дақиқа қолганди. Бу орада яна бир нарсалар деб амакига қиз боланинг ўқиши яхшилиги ҳақида ўз қарашларини айтишим мумкин эди. Бироқ уларга ақл ўргатган бўлмай деб уёғига гапларини жим эшитиб кетавердим.

Бу воқеани узоқ ўйладим. Синфда қирққа яқин бола ўқиган бўлсак, шундан олтита бола бакалавр дипломини олди. Шундан учтаси яқиндагина ўқишни тамомлади. Қолганлар эса асосан хизмат кўрсатиш соҳасида, аксарият қизлар уйда. Лицейдаги курсдошларимнинг эса деярли етмиш фози ОТМни тамомлади. Мактабда ота-онамнинг қистови, уларнинг мотивацияси билан, лицейда эса тенгдошларимдан орқада қолмаслик, ОТМга давлат гранти асосида ўқишга кириш учун яхши ўқиганман. Яқинларимга молиявий томондан оғирлик тушмасин дея, яхши тайёрландим, грантда ўқидим. Иккинчи курсдан газетада ишлай бошладим. Молиявий томондан ота-онам таъминлаб турса ҳам, ўз устимда ишлашимга қарши чиқишмади. Газетада чиққан мақолаларимни турли танловларга топширдим, республика босқичларида қатнашиб ғолиб бўлдим. Дипломларимнинг кети узилмади. Тўртинчи курсда эса Президент стипендияси соҳибаси бўлдим. Шу сабаб магистартурада яна давлат грантида ўқидим. Гарчи иккинчи курсда қўлимда чақалоғим бўлса ҳам, имтиёзли диплом билан тамомладим. Бу албатта осон бўлгани йўқ... Оила билан ўқишни бараварига олиб бориш янги келин учун жуда қийин. Бироқ бунга ички хоҳишингиз ва яқинларинигиз кўмаги билан осон эришишингиз мумкин. Очиғи, магистартурани тамомлаб уч йил уйда бўлдим. Амаки айтганидек, оилани биринчи ўринга қўйиб, фарзандларимни парваришладим. Шу йилдан эса докторантурага кирдим. Ҳозир иккита қизим бор. Бироқ эрим ҳам, қайнона-қайнотам ҳам уларнинг ривожланиши, ақлли бўлиши учун қўлидан келганича ҳаракат қилади. Қайнонамни айтмайсизми, катта қизим саккиз ойлик бўлганида болалар учун мўлжалланган катта энсиклопедия китобни кўтариб келган. Ҳозир тўрт ярим яшар қизимнинг юздан ошиқ китоби бор. Ота-онам ҳам уларнинг туғилган кунида ақлни ривожлантирувчи ўқиняоқ ёки китоб қўтариб келишади. 

Биласизми, ота-онам мени ўқитгани учун уларнинг олдида қарздорлигимни ҳозир ҳарқачонгидан ҳам кўпроқ ҳис қиляпман. Сабаби, улар мени ривожланишим учун намуна бўлишди, илмга қизиқтиришди, рағбатлантиришди. Эсимда, бир танловга қатнашаётганимда дадам мен ухлаганимда ҳужжатларимни тўғирлаган, онам эса кўргазмали қуролларимни катта доска ясатиб тахлаб чиққан эди. Яна вилоятга семинарга чақиришса хам, ишониб жўнатган, керак бўлса, поезд вагонигача ўтирғизиб қўйган, кутиб олган ҳам улар. Бўлим бошлиғимизнинг “Ҳамида, табриклайман. Мақолангизни тепадагилар мақтади. Бош муҳаррирга аппаратдан телефон бўлибди” деган гапини дадамга етказганимда уларнинг хурсанд бўлгани ҳам ёдимда. Уч йил олдин эса “Ҳуқуқ билимдонлари” танлови ғолиби бўлиб, Малайзияга икки кишилик чипта ютиб олганимда ҳам яқинларим жуда хурсанд бўлди. Бу чиптани қайнонам ва онам учун атадим, бироқ қайнонам маълум сабабларга кўра боролмадилар, чиптани эса турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашган ҳолда ота-онамга бердик. Бу борада хўжайнимни ўқимишли қилиб тарбиялагани учун қайнона-қайнотамга, мени ҳам “Қиз болаку, эртага бировнинг уйига кетади. Ўқитсак, эртага ойлиги қўлимизга тегармиди” демай ўқимишли қилгани учун ота-онамга иккимиз ҳам тазимдамиз.

Гапларим билан ҳар бир қиз ОТМда ўқиши шарт деб, қатъий туриб олмоқчи эмасман. Масалан, пишириқ пишириб мўмайгина даромад топаёган тенгдошларим кўп. Лекин соҳа мутахассиси бўлиш учун, албатта диплом бўлса фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу қизнинг хаёли фақат пул топишда экан, деяётган бўлсангиз ҳам адашасиз. Мен эркакларнинг пул топиш борасидаги устунлигини тан олган ҳолда аёл киши ҳам жамғарма йиғиб, ўзи хоҳлаганича сарфлаши ва бундан хурсанд бўлиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, хурмат қозониши тарафдориман. Уйда ўтирса, оиласининг ҳам хурматини қозонадику, деб савол беришингиз мумкин. Ҳақсиз. Лекин бу бир томонлама қараш, холос. Ўқиш, касб ўрганиш шахсни ривожлантиради. Дунёқараши кенгаяди, бу эса фарзандларининг тарбиясига, кейинги навбатда миллат келажагига ҳам таъсирини ўтказади. Яна савол туғилиши мумкин: аёл киши ўқиса, қўлига пул тегса, ўзгаради, ақл ўргатишни бошлайди. Балки... Шундай аёллар ҳам бордир, бироқ маънавиятли аёл ҳеч қачон бундай қилмайди, деб ўйлайман. Бундай “догмалар” келажакда ҳам юзага келмаслиги учун, хоҳ у ўғил бўсин, хоҳ қиз ўқитиш керак. Ўқитиш бу фақат ОТМ тугатди, бўлди, эмас, янгиликлар билан таништириш, бадиий адабиётга қизиқтириш, унинг маънавий ривожи учун хизмат қиладиган барча воситалардан чекламаслик демак.

Статистик маълумотларга кўра, бугун давлат ва жамоат ташкилотларида 1380 нафардан зиёд хотин-қизлар раҳбарлик лавозимида ишламоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари, яъни 32 фоизи хотин-қизлардан иборат. Шунингдек, 3 нафар аёлга академик унвони берилди, яна 16 нафар аёлга эса Ватанимизнинг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони тақдим этилди. Янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади. Яна бир янгилик: 2022–2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилинди.

Эҳ, буларнинг ҳаммаси қизингиз ё келингиз, аёлингиз ё синглингизни ўқитиш учун яхши имконият эмасми? Агар уларнинг таҳсил олиб, ақл ўргатишидан қўрқаётган бўлсангиз, адашасиз. Чунки кези келганда бир масала юзасидан маслаҳат бероладиган, ёнингизда елкадош бўлиб далда бўлувчи бир меҳрибон кўпаяди. Энг муҳими эса жамиятда ўз ўринга эга бўлган бир инсон ортади.

Ҳамида МИРСУЛТОНОВА