понедельник, 5 сентября 2022 г.

 

ЎЗИГА ТАЪЗИМ ҚИЛДИРАЁТГАН “ТАҚСИР”ЛАР

“Pokemon Go” ўйини таҳдид солаётган хавфлар хусусида


Биз яшаётган техника асрида бекорчиликдан ёмони бўлмаса керак. Сабаби, ҳар бир инсон ҳаётини яхшилаш ва ўзидан кейинги авлодга маънавий ва моддий мерос қолдириш илинжида яшайди. Асосий мақсаддан оғишилганда эса тарозининг бир палласи иккинчисидан оғирроқ келиши мумкин. Тўғри, нохуш ҳолатларга сабаб бўлувчи омиллар кўп, бироқ глобаллашув шиддатидан куч олиб катталашиб бораётган “кичкина” таҳдидлар ҳам бефарқлик ярамайди. Кўпни кўрганлар эса “Pokemon Go” ўйинига ҳам ана шундай хавф сифатида қарамоқда.

Niantic” компанияси томонидан ишлаб чиқилган мазкур ўйин 2016 йилнинг 6 июль санасида  фойдаланувчиларга тақдим этилганига қарамай, интернетнинг “қудрати” сабаб қисқа фурсат ичида оммалашди. Мазкур ўйин бошқа “вақт ўғрилари”дан фарқли равишда виртуал воқеаларни реал ҳаётга боғлайди. Яъни фойдаланувчи 151та ёввойи покемонларни овлаш учун кўча бўйлаб юриши, тўпланган “жангчи”лар билан махсус машғулотлар олиб бориб, ваҳшийларга қарши курашиши лозим. Лўнда қилиб айтганда, у бирор фойдаси бўлмаган, эвазига эса инсонларнинг қимматли вақтни тортиб олувчи жангари ўйин ҳисобланади. Ваҳшийликни тарғиб қилувчи “Pokemon Go”да 90-йилларда машҳур бўлган “Pokemon” мультфилми қаҳрамонлари иштирок этган. Шу сабаб фойдаланувчиларнинг катта қисмини мультфилмни болалик чоғида кўрган 25-30  ёш оралиғидаги инсонлар ташкил этади.       

Покемономания

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда “action”, яъни ҳаракатли (жангари саҳналар, муштлашувлар ва ҳоказо) ўйинларга талаб ва таклиф юқори. Шу сабаб “Pokemon Go” ҳам айнан шу йўналишда ишлаб чиқилган. Энг асосийси, унда интерактивлик мавжуд, бу эса кишини ўйнга бўлган қизиқишини орттиради ва ўзига соат сайин боғлаб олади. Мантиқсиз мақсадга қаратилган ўйинга фойдаланувчилар баъзан шу қадар берилиб кетадики, ўзлариники билан бирга атрофдагиларнинг ҳам ҳаётига хавф туғдиради. Чунки огоҳлик, хушёрлик ва дахлдорлик ҳиссини туйиш ахборот маконида яшаётган, техника қудратидан баҳраманд бўлаётган ҳар бир инсон учун жуда зарур.

Шу кунга қадар “Google Play” орқали белгиланган ҳудудлар, яъни АҚШ, Янги Зеландия, Австралия, Германия, Буюк Британия, Белгия каби давлатларда яшовчи 10 миллион нафар инсоннинг мазкур ўйинни юклаб олиши туфайли “омад”га эришган ишлаб чиқарувчилар норасмий равишда бошқа давлатларни ҳам “ёриб кирмоқда”. Оммалашиб бораётган ўйинни юклаб олиб, унинг муккасидан кетган одамлар эса кунига 1 соат ва ундан ҳам кўп вақтларини маҳлуқчаларни овлаш билан ўтказмоқа. Покемономания хасталигига чалинган ишқибозлар  билан содир бўлаётган нохуш ҳолатларни эшитган инсон эса ёқасини ушлаши тайин. Мисол учун, ўйин яратилган йили америкалик полиция ходимларининг иш вақти “Pokemon Go”ни ўйнаб, кузатувдан чалғиши оқибатида катта-кичик жиноятларнинг содир этилгани, олд-ортига қарамай қўлидаги смартфонига мукка тушиб кетаётган ҳомиладор аёлнинг йўл транспорти ҳодисасига учраши, АҚШнинг Пенсилвания штатида 15 ёшли қизнинг машина ғилдираклари остида қолгани, 10 ёшли шотландиялик болакай смартфонидан мазкур ўйинни ўчириб ташлаган ота-онасига қасдма-қасд равишда уйидан қочиб кетгани, уюшган жиноятчиларнинг эса оммавий покемон “ови”га чиққан одамларга тегишли қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетиши, Японияда эса август ойининг сўнгига қадар ўйин билан боғлиқ 80га яқин бахтсиз ҳодиса содир бўлгани, сентабрь ойида ҳам бундай воқеалар такрорланаётгани кишининг кўнглини хуфтон қилади.

Ўша йили Германияда 10 минг аҳоли яшовчи Штайнау-ан-дер-Штрассе шаҳарчаси тунги вақтда шовқин солиб покемон овлаётган ўсмирлар туфайли ишлаб чиқарувчиларга тўғридан-тўғри шикоят қилгани ҳам бежиз эмас. Демак, маълум ҳудудларга атайин тарқатиб юборилган ажабтовур маҳлуқларни тутиш асносида оммавий тартибсизликларни юзага келиши ҳам ҳеч гап эмас. Мазкур ҳолат пухта ўйланган режа, оломонни ҳаракатга келтирувчи қурол сифатида баҳоланса, инсоннинг манқуртдан фарқ қолмайди. Бундай ҳолатда фойдаланувчи ўйин бошқарувчиси эмас,  “ўйин” иштирокчисига айланади.    

Ўйиндан ўт чиқди...

Юқоридаги хавфларни аниқлаган ва мамлакат келажаги ҳақида қайғураётган аксарият давлатлар унга таъқиқ қўйиш масаласини ўртага ташламоқда. Хусусан, Саудия  Арабистони ва Эрон ўйинни таъқиқлаб, унга қарши фатво берди. Араблар ҳам, эронликлар ҳам мудҳиш ҳодисларнинг сабабчиси мантиқсиз ўйин эканини пайқаган ҳолда бошқаларга ҳам унинг салбий оқибатларини ошкор этди. Энг қизиғи, Мисрда ўйин ишлаб чиқилганига атиги олти кун тўлганда унинг хавфи юзага чиқиб, мутлақ чеклов қўйилди. Эронликларнинг фикрича, бу ўйин борлиқни виртуаллик билан қориштириб юборади, натижада эволюция таълимотига ҳам таҳдид солиши мумкин.

АҚШлик олимларнинг таъкидлашича, ўйин ўйнашга берилиб кетган айрим ёшлар четдан қараганда унинг ёвуз қаҳрамонларига таъзим қилаётгандек туюлади. Жамоат жойларида бошини ҳам қилиб ўтирган, покемонларни овлаш учун серқатнов кўчаларга ҳам чиқиб қолаётган, тўғри йўлда ҳам қоқилиб, бир-бири билан урилиб кетаётган инсонлар эса аллақачон покемономания хасталигига чалинган. Бундан битта хулосага келиш мумкин: улар покемонлар билан эмас, ўз ҳаётлари билан ўйнашмоқда!   

Лойиҳа оммалашди, бироқ...

“Биргина ўйин туфайли шунча кўнгилсизлик содир бўладими?” ёхуд “Ажали етган бўлса, чумчуқ пати тушса ҳам ўлим топади”, дея фикр қилаётганлар ўзини ҳам, бошқаларни ҳам алдашга уринади. Зеро, маънавий таҳдидлар тобора авж олаётган замон учун маънан тобеликдан бошқа ёмонроқ нарса бўлмаса керак. Мисол учун Канадада содир бўлган воқеани олайлик. Бир аёл ўйин ишқибозларининг ҳар куни уйи панжараларидан ошиб ўтиши, устига устак янги покемонларни овлаш илинжида туну кун эшигини пойлаб ўтиришидан азият чекади. Унинг таъкидлашича, безорилар орқа ҳовлисига дрон учириб, маҳлуқларнинг бор ёки йўқлигини ҳам текшириб кўришдан тап тортмаган. Жабрланувчи уйи ҳудудини харитадан чиқариб ташлаш илтимоси билан ўйин яратувчиларига мурожаат этган ва ижобий натижа чиқмагач судга шикоят қилишга мажбур бўлади. Мазкур ҳолатни маънан тобелик туфайли юзага келган ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин.  

Юқоридаги вазиятлар бутун дунё бўйлаб содир бўлаётгани “оммавий маданият” хавфини ҳам ёдга солади. Чунки оломонга дахлдор бўлган кичик хавфнинг катталашиб кетиш эҳтимоли бўлади. Мисол учун Сингапур полицияси ўйинга чалғиб серқатнов кўчада тўхтаб қолган пиёда ва уни узоқ вақт кутиб, жазавага тушган машина ҳайдовчиси ўртасидаги жанжал юзасидан жиноий иш очди. Натижада жамоат тартибини бузгани ва оммавий тартибсизликни келтириб чиқаргани учун уларнинг ҳар бирига 3,7 минг АҚШ миқдорида жарима белгилади. Дунёда содир бўлаётган бундай воқеаларнинг ОАВ тўғри таҳлил қилинган ҳолда аудитория етказилиши “Pokemon Go” фойдаланувчилари сонини аста-секин камайишига хизмат қилмоқда.  

Вақт - олий неъмат

Ўзини жамиятда ўрни борлигини ҳис қилган ва ҳаётда бирор нарсага эришмоқчи бўлган инсон асло вақтини беҳуда нарсаларга сарф этмайди. Тўғри, меҳнат қилиб дам олишнинг, чарчоқни енгиш учун кўнгилочар машғулотлар билан банд бўлишнинг ёмони томони йўқ. Лекин замонавий тиббиёт ҳордиқ чиқаришнинг бошқача усулларини таклиф этади. Яъни ақлий меҳнатдан толиққан кишилар жисмоний меҳнат қилиши, жисмоний меҳнатдан чалғимоқчи бўлганлар эса ақлий меҳнат билан машғул бўлиш лозим. Бундан кўриниб турибдики, ҳордиқ чиқариш ҳам инсонга қандайдир наф келтириши лозим. Мисол учун, мазмунли китоб ўқиш,  театр томошасига бориш, долзарб муаммолар кўтариб чиқилган кино томоша қилиш, тил ўргатувчи ўйинларни юклаб олиш, турли тўғараклар, хусусан, спорт билан шуғулланиш инсоннинг камолотга етаклайди. Кимдир ўз чўнтагини қаппайтириш мақсадида ўйлаб топган миллионлаб “овунчоқлар” эса олтинга тенг бўлган вақтнинг беҳудага сарф бўлиши сира арзимайди.  

Инсон ҳуқуқлари “қарсак” билан тан олинаётган айрим ғарб давлатлари тубанликка юз тутаётгани, ўз домига бошқаларни ҳам тортаётганини пайқамаётган, эртага нима бўлишини англамаётган бўлиши мумкин. Зеро,  инсонга таъқиқ қўйиб, уни қил, буни қилма, деб ақл ўргатишнинг ўзи мушкул масала. Лекин дахлдорлик ҳисси ғарбу шарқни томонларга, шимол ва жанубни эса қутбларга ажратмайди. Шундай экан ажнабий “тақсир”ларга тазим қилаётган инсонларга  бошни тик тутиб яшаш кераклигини кўрсатиш учун фақатгина ўрнак бўлиш лозим.         

Ҳамида МИРСУЛТАНОВА